ХЖС прокурори Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун зудлик билан ордер беришни сўради
Олам
−
11 Сентябрь
5020Халқаро жиноий суд (ХЖС) Бош прокурори Карим Хон кеча, 10 сентябрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАС етакчилари Яҳё Синвар ва Муҳаммад Дейфни (унинг ўлими ҳақида расмий хабар берилган) зудлик билан ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради. Бу ҳақда WAFA хабар берди.
Таъкидланишича, ордер Ғазо секторидаги бошқа эҳтимолий жиноятларнинг олдини олиш учун зарур. Шунингдек, Хон Нетаньяхунинг сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиши олдидан ордер олиш учун суд ҳайъатига шошилинч сўров юборган бўлиши мумкин.
“Исроилдаги вазият ёмонлашгани ва давом этаётган жиноятларни инобатга олган ҳолда, прокуратура суд ҳайъатидан Яҳё Синвар, Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантни ҳибсга олиш тўғрисида имкон қадар тезроқ қарор чиқаришни сўрайди”, дейилади прокурор баёнотида.
Маълумот учун, Халқаро жиноий суднинг бош прокурори Карим Хон ордер бериш тўғрисидаги ҳаракатни 2024 йил май ойида бошлаган. Унинг таъкидлашича, тергов фақат “темир қиличлар” операцияси давомида содир этилган жиноятлар билан чекланиб қолмай, балки 2015 йилдан бери Исроил-Фаластин можаросининг турли воқеаларини ҳам ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Карим Хон Исроил Бош вазири ва Мудофаа вазирини ҳибсга олиш учун ордерни имкон қадар тезроқ чиқаришга чақирган эди.