Исроил Туркияни иккиюзламачиликда айблади
World
−
22:31 834 1 minute
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху идораси Туркия Адлия вазирлигининг Нетаньяхуну Интерполнинг “қизил билдиришномаси” орқали халқаро қидирувга бериш ҳақидаги талабини Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Исроил раҳбарияти ва аскарларини қўрқитишга қаратилган “ачинарли уриниши” деб атади. Бу ҳақда Исроил Бош вазири идорасининг X ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинди.
“Исроил Туркиянинг иккиюзламачилигидан узоқ вақтдан бери ҳайратда. Эрдўған курдларни қирган, ҲАМАС террорчиларига бошпана берган ва ўз халқига зулм ўтказган антисемит диктатордир”, дейилади Нетаньяху идораси баёнотида.
Шунингдек, Исроил томони Эрдўған ўзининг Исроилга қарши тажовузини Сурияга ҳам ёйишга интилаётганини қайд этиб, мамлакат минтақадаги барқарорликни бузишга қаратилган ҳар қандай уриниш ва хавфсизлигига таҳдидга қарши қатъий чоралар кўришда давом этишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Адлия вазирлиги Бинямин Нетаньяхуга нисбатан Интерпол орқали “қизил билдиришнома” чиқаришни сўраганди. Туркия бу талабни Ғазога йўл олган “Global Sumud Flotilla”га қарши операция юзасидан очилган иш доирасида илгари сурган. Туркия Нетаньяхуну геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва қийноқларда айбламоқда.
Live
All