Непалда Z-авлод ва армия вақтинчалик етакчи тайинлаш учун музокара ўтказмоқда

Олам

image
Парламент ёқилиб, етакчи ағдарилди. Непалдаги Z-авлоднинг қонли намойишлари ҳақида нималар маълум? north_east

Парламент ёқилиб, етакчи ағдарилди. Непалдаги Z-авлоднинг қонли намойишлари ҳақида нималар маълум?

Непал армияси бугун, 11 сентябрь куни “Z-авлод” намойишчилари билан янги вақтинчалик етакчини тайинлаш масаласида музокараларни давом эттиради. Бу ҳақда армия матбуот котиби Раджа Рам Баснетга таяниб, “Reuters” хабар берди

Қайд этилишича, бу 30 кишининг ўлимига ва бош вазирнинг истеъфосига олиб келган қонли намойишлардан кейин амалга ошмоқда. Сарбозлар пойтахт Катманду кўчаларини қўриқлаб турибди. Бу сўнгги йиллардаги энг йирик норозиликлардан бири эди. Ҳукумат ижтимоий тармоқларни тақиқлаганидан кейин намойишлар бошланди ва полиция кўпчиликни тарқатиш учун кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқ ишлатди. Дастлаб 19 кишининг ўлими ортидан ҳукумат тақиқни бекор қилди.

“Дастлабки музокаралар бошланди ва бугун давом этади. Биз вазиятни аста-секин барқарорлаштиришга ҳаракат қиляпмиз”, деди матбуот котиби Раджа Рам Баснет вақтинчалик етакчини танлашга оид муҳокамаларга ишора қилиб. 

Непал Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 11 сентябрь куни намойишларда ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етган, яраланганлар сони эса 1 033 кишини ташкил этган.

Армия баёнотига кўра, Катманду ва унинг атрофида кунинг кўп қисмида ҳаракатланишга тақиқ сақланиб қолади. Айни пайтда аэропорт расмийси халқаро парвозлар амалга оширилаётганини билдирди.

Намойишлар халқ орасида “Z-авлод” ҳаракатлари деб аталмоқда. Чунки қатнашчиларнинг асосий қисми ёшлар бўлиб, улар ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураша олмаётгани ва иқтисодий имкониятлар ярата олмаётганидан норози.

Олий суд адвокатлар уюшмаси котиби Раман Кумар Карнанинг маълум қилишича, намойишчилар Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини вақтинчалик бош вазир сифатида тайинлашни талаб қилган. Уларнинг таклифига жавобан Карки ҳинд телевидениеси CNN-News18’га шундай деди:

“Улар мендан сўрашганда, мен рози бўлдим”.

Намойишлар давомида Олий суддан тортиб вазирларнинг уйларигача, жумладан, собиқ бош вазир Олининг шахсий уйигача ёқиб юборилди. Намойишлар фақат бош вазир истеъфо берганидан кейин тўхтади.

Ёнғиндан зарар кўрган тижорат бинолари орасида сайёҳлар шаҳарчаси Покхарадаги бир неча меҳмонхоналар ва Катмандудаги Hilton меҳмонхонаси ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Непал Z-авлод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг