Назарбоевнинг набираси дафн этилди
Олам
−
22 Август 2020
42301Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 август куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев Лондонда вафот этган эди. Маълумотларга қараганда, 30 яшар Назарбоевнинг жасади Қозоғистонга келтирилиб, Олма-ота шаҳридаги “Кенсай-2” қабристонига дафн этилган.
Мамлакат оммавий ахборот воситалари собиқ Сенат раиси Дариға Назарбоеванинг ўғли Ойсултон Назарбоевнинг жасади Қозоғистонга олиб келингани, унинг дафн қилингани ҳақида бирор хабар эълон қилгани йўқ. Жамоатчиликнинг сўровлари жавобсиз қолмоқда.
Қайд этилишича, “Кенсай-2” қабристонида Ойсултон Назарбоев ота тарафдан бобоси академик Мухтор Алиевнинг ёнига дафн этилган. Жорий йилнинг 18 август куни ушбу қабристонда ободонлаштириш ишлари бошланган эди.
Бир неча кундирки, Қозоғистон сиёсий элитаси маҳаллий ОАВнинг марҳумнинг жасади қачон мамлакатга олиб келиниши ҳақидаги саволларига жавоб бермай келаётган эди. 19 август куни журналистлар Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эржан Ашиқбаевдан Ойсултоннинг жасади қачон Қозоғистонга топширилишини сўрашди.
"Менда маълумот йўқ", деб қисқа жавоб қилди амалдор.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ойбек Смадияров эса оилавий мавзуни кенгайтирмасликни сўради.
“Ҳар қандай вазиятда шахсий ҳаётга тажовуз қилиш оила аъзолари томонидан тартибга солинади. Агар сиз шахсий ҳаётингиз тафсилотларини жамоатчилик муҳокамасига чиқаришни истамасангиз, бу сизнинг қарорингиз", дея қўшимча қилди Ашиқбаев.
Бу орада Дариға Назарбоеванинг тўнғич ўғли Нурали Алиев ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига укаси Ойсултоннинг суратларини жойлаштириб, унга “Жойинг жаннатдан бўлсин, укам”, деб ёзиб қолдирди. Бундан кўриниб турибдики, Ойсултон Назарбоев аллақачон дафн этилган.
Ойсултон Назарбоевнинг ўлими сабаблари расман айтилгани йўқ. ОАВнинг урғулашича, унинг вафотига юрак хуружи сабаб бўлган.
Ойсултоннинг онаси – Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева. У аллақачон турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан ажрашган. Аслида барча воқеаларнинг дебочаси шу. Улар 2008 йилда ажрашишган. Куёв бўлмиш Алиев 2015 йилда Aвстрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. Ўшанда у “Нурбанк”нинг икки нафар топ-менежерини ўлдирганликда айбланган. Қозоғистонда унга ҳокимиятни эгаллаб олишга зимдан тайёргарлик кўриш, жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш каби айбловлар қўйилган ва сиртдан 40 йил озодликдан маҳрум қилинган. Қозоғистон Австрияга унинг экстрадицияси ҳақида икки марта сўров юборган, аммо рад жавобини олган эди.
Ойсултон Назарбоев Британиянинг қироллик ҳарбий академиясини битирган ва Қозоғистоннинг ҳарбий разведкасида фаолият олиб борган. У болалигидан футбол ишқибози бўлган ва бир вақтлар Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ҳам ишлаган. 2017 йилда у бобоси Мухтор Алиев вафоти ва отасининг ўз жонига қасд қилганидан кейин гиёҳванд моддалар истеъмол қилаётганини тан олган.
2013 йилда Ойсултон Назарбоев “ҚозРосГаз” раҳбари Қайрат Боронбоевнинг қизига уйланган. Уларнинг бир нафар қиз фарзанди бор.
Ойсултон Назарбоев жорий йил бошидан бери ижтимоий тармоқлардаги кутилмаган постлари сабаб жамоатчилик диққат марказида пайдо бўлганди.
Шундай постлардан бирида у оила сирини ОАВга олиб чиққанди. Ойсултон Нурсултон Назарбоев бобоси эмас, отаси эканини айтган. Бошқасида эса ҳукуматдагиларни порахўрликда айблаган.
Бундан ташқари, у январь ойида ўз жонига қасд қилишга уринганди. Ойсултон гиёҳванд моддаларга муккасидан кетгани, шунинг учун шифохонада даволангани ҳақида хабарлар тарқалган.