Назарбоевнинг набираси қаерга дафн этилади?
Олам
−
18 Август 2020
22281Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 август куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев Лондонда вафот этган эди. Маълумотларга қараганда, кичик Назарбоев Олма-ота шаҳрида бобоси – академик Роҳат Алиевнинг ёнига дафн этилиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугун, 18 август ҳолатига кўра икки кундан буён шаҳардаги “Кенсай-2” қабристони ёпиб қўйилган. Бу ерда ободонлаштириш ишлари кетмоқда.
Қабристон ходими оммавий ахборот воситаларининг “Ойсултон бобосининг ёнига дафн этилиши мумкинми”, деган саволига, “Ҳали номаълум, лекин бизга тайёргарлик кўриш буюрилди”, деб жавоб берган.
Ойсултон Назарбоевнинг ўлими сабаблари расман айтилгани йўқ. ОАВнинг урғулашича, унинг вафотига юрак хуружи сабаб бўлган.
Ойсултоннинг онаси – Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева. У аллақачон турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан ажрашган. Аслида барча воқеаларнинг дебочаси шу. Улар 2008 йилда ажрашишган. Куёв бўлмиш Алиев 2015 йилда Aвстрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган. Ўшанда у “Нурбанк”нинг икки нафар топ-менежерини ўлдирганликда айбланган. Қозоғистонда унга ҳокимиятни эгаллаб олишга зимдан тайёргарлик кўриш, жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиш каби айбловлар қўйилган ва сиртдан 40 йил озодликдан маҳрум қилинган. Қозоғистон Австрияга унинг экстрадицияси ҳақида икки марта сўров юборган, аммо рад жавобини олган эди.
Ойсултон Назарбоев Британиянинг қироллик ҳарбий академиясини битирган ва Қозоғистоннинг ҳарбий разведкасида фаолият олиб борган. У болалигидан футбол ишқибози бўлган ва бир вақтлар Қозоғистон футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ҳам ишлаган. 2017 йилда у бобоси Мухтор Алиев вафоти ва отасининг ўз жонига қасд қилганидан кейин гиёҳванд моддалар истеъмол қилаётганини тан олган.
2013 йилда Ойсултон Назарбоев “ҚозРосГаз” раҳбари Қайрат Боронбоевнинг қизига уйланган. Уларнинг бир нафар қиз фарзанди бор.
Ойсултон Назарбоев жорий йил бошидан бери ижтимоий тармоқлардаги кутилмаган постлари сабаб жамоатчилик диққат марказида пайдо бўлганди.
Шундай постлардан бирида у оила сирини ОАВга олиб чиққанди. Ойсултон Нурсултон Назарбоев бобоси эмас, отаси эканини айтган. Бошқасида эса ҳукуматдагиларни порахўрликда айблаган.
Бундан ташқари, у январь ойида ўз жонига қасд қилишга уринганди. Ойсултон гиёҳванд моддаларга муккасидан кетгани, шунинг учун шифохонада даволангани ҳақида хабарлар тарқалган.
LiveБарчаси