Назарбеков реклама қилган дўкон жаримага тортилди. Вазир эса айбсиз
Жамият
−
22 Июль
34606Аввалроқ,Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Халқ артисти Озодбек Назарбеков иштирокида кийимлар дўкони рекламаси тарқалгани ва ҳолат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганила бошлагани хабар қилинганди. Ўрганиш натижасида кийим дўкони жаримага тортилди, вазир эса айбсиз деб топилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, натижаси бўйича кийим дўкони “Реклама тўғрисидаги” Қонуннинг 16-моддасини, яъни рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш бўйича тақиқ талабларини бузган деб топилган.
“Натижада, ушбу корхонага нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди ва қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштирокини реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи сифатида иштирок этганлигининг аломатлари аниқланмаган.
“Озодбек Назарбеков томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмаганлиги “Реклама тўғрисидаги” Қонунига асосан рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Маданият вазирлиги вазиятга муносабат билдириб, Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида кийим дўконига бориб, лойиҳанинг навбатдаги сонини тасвирга олиш жараёнида қатнашиш учун лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда либос танлаганди.