Маданият вазирлиги Назарбековнинг ҳаракатини хаспўшлаб чиқди
Жамият
−
05 Июль
27899Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири - Халқ артисти Озодбек Назарбеков иштирокида кийимлар дўкони рекламаси тарқалиб, бу ҳолат кенг жамоатчилик томонидан қонунбузилиш эканлиги таъкидланган ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўрганиш ишлари олиб бораётганини билдирганди. Мазкур ҳолат фонида Маданият вазирлиги ҳам муносабат билдирди.
Вазирлик баёнотига кўра, вазир Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида кийим дўконига бориб, лойиҳанинг навбатдаги сонини тасвирга олиш жараёнида қатнашиш учун лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда либос танлаган.
“Либос танлаш жараёнида лавҳада айтиб ўтилганидек, Озодбек Назарбеков миллий бренд ривожи учун ўзининг шахсий фикрларини билдириб, тавсия бериб ўтган. Бу орқали мамлакатимизда яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли фаолиятини самарали йўлга қўйган, хорижникидан асло қолишмайдиган сифатли маҳсулотлар тайёрлашга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Яъни, бундан Озодбек Назарбековнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, вазирлик расмий муносабатида Озодбек Назарбековнинг Маданият вазири, қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида Ўзбекистон Республикасининг барча қонунларини ҳурмат қилиши ва уларга қатъий риоя этиши таъкидланган.
Биздаги маълумотларга кўра, вазир реклама қилган дўкон Назарбеков раҳнамолигидаги “Овоз” лойиҳасининг ҳомийларидан бири ҳисобланади. Бунгача вазир ушбу телешоу орқали банклардан бирини ҳам реклама қилган.