Блогер ва вайнерларга “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари тушунтирилди
−
16:30 386 2 minutes
Рақобат қўмитаси жорий йил бошидан буён блогер, вайнер ва инфлюенсерлар учун реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига бағишланган 20 дан ортиқ учрашув ўтказди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувлар қўмита ҳузуридаги “Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази” давлат муассасаси томонидан реклама соҳасидаги қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган.
Профилактик тадбирларда ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга бўлган блогер ва контент яратувчилар, жумладан, Б. Мансуров, А. Ҳасанов, А. Фозилов ва Ш. Нарзиев иштирок этган. Уларга “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари тушунтирилган.

Хусусан, муайян маҳсулот ёки хизматни реклама қилишда унинг хусусиятлари, сифати ва имкониятлари ҳақида матн, фото, видео ҳамда жонли эфирлар орқали маълумот бериш тартиблари муҳокама қилинган.

Мулоқотларда онлайн савдо, саёҳат, таълим, тиббиёт, умумий овқатланиш, спорт ва кўнгилочар тадбирлар йўналишларида реклама контенти яратаётган Д. Исмаилова, Ф. Назарова, К. Муродова, Ш. Холмирзаева, Г. Абдуллаева ва З. Каримова ҳам иштирок этган.

Учрашувлар давомида кўнгилочар ва юмористик контентдаги реклама, шахсий тавсиялар ҳамда тижорий мақсадларда жойлаштириладиган материалларга оид ҳуқуқий талаблар муҳокама қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лолита, Ани Лорак, Райҳон Ғаниева, “Уммон” гуруҳи ва бошқа санъаткорларнинг концерт рекламалари қонунчилик талабларига зид экани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Live
All