Навоий вилоятида бирйўла 2 шаҳар ва 4 туман дарвозалари беркитилади
Жамият
−
27 Март 2020
8820Бугун, 27 март куни соат 12:00 дан бошлаб, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, шунингдек, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманларига вилоятнинг барча ҳудудларидан ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) кириш ва чиқиш тўхтатилади.
Навоий вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, бу вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус комиссия қарорига кўра амалга оширилади.
Мазкур ҳудудларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, шаҳар ва туманларда (Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманлари) доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу билан бир қаторда, 27 март куни соат 12:00 дан бошлаб ушбу ҳудудларда автобуслар ҳаракати тўхтатилади.
“Вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудларига киришга қўйилган чекловлар ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз!
Азиз навоийликлар, сизларни яна бир бора карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса уйда қолишга чақирамиз!”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Тошкент, Наманган, Андижон, Самарқанд, Гулистон ва Бухоро шаҳарлари коронавирус сабаб кириш ва чиқиш учун ёпилгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда 75 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь