Навальнийнинг беваси Россия президентлигига номзодини қўймоқчи
Олам
−
21 Октябрь
5722Россиядаги қамоқхонада вафот этган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная мамлакатга қайтгач, Россия президентлиги учун сайловларида номзод сифатида иштирок этишини айтди. Бу ҳақда у BBC’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Менинг мақсадим – мамлакатда ўзгаришлар қилиш, бунинг учун имкон яратиш. Агар Россияга қайтсам, президентликка номзод сифатида қатнашаман”, деган Навальная.
Шу билан бирга, у Владимир Путин ҳокимиятда қолса, Россияга қайтиш имконияти йўқлигини таъкидлаган. Интервью давомида Навальная ҳибсга олинишидан қўрқиб, ҳатто эрининг дафн маросимига ҳам ўз шаҳрига кела олмаганини айтган.
Шунингдек, у сеҳргар эмаслигини ва Россияда қандай қилиб дарҳол ўзгаришларга эришиш сирини билмаслигини таъкидлаган.
“Агар сиз катта ишни дарҳол қила олмасангиз, ҳар куни кичик бир ишни бажаринг ва буни қанчалик кўп одамлар қилса, ўзгариш вақти шунчалик тез бўлади”, деган у.
Унинг сўзларига кўра, Россия мухолифати оғир аҳволда: кўпчилик қувғун ва тушкунликда.
“Мен билмайман. Ҳаётимда содир бўлган барча даҳшатли воқеаларга қарамай, бир кун келиб ҳамма нарса ўзгаришига ишонаман”, дейди Навальная.
Журналистнинг “Ўзингизни Алексей сингари сиёсатчи сифатида тасаввур қила оласизми?”, деган саволига Навальная “ҳа” деб жавоб берди.
“Ҳа. Мени қўллаб-қувватлаётганлар кўп ва бунинг эвазига мен ҳам уларни қўллаб-қувватламоқчиман. Алексейнинг кўплаб тарафдорлари Россияни тарк этишга мажбур бўлди, аммо миллионлаб одамлар қолди. Улар катта босим ва репрессия шароитида яшайди, лекин улар билан алоқани давом эттириш мен учун жуда муҳим”, деган у.
“The Times” газетасига берган интервьюсида эса Навальная марҳум турмуш ўртоғи сиёсатдан узоқлашса бахтли ҳис қилишини таъкидлаган эди. Энди эса ўзи президентлик учун ҳаракат қилмоқчи.
Маълумот учун, жорий йилнинг июль ойида Москванинг Басманний суди Навальнаяни экстремистик ташкилотда иштирок этганликда айблаб, сиртдан ҳибсга олганди. Унга нисбатан икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу муддат Россия ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан ёки мамлакатда ҳибсга олинган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Россияда у федерал қидирувга берилган. Алексей Навальний ва унинг шерикларига қарши “экстремистик жамоа” иши 2021 йил сентябрь ойида очилган. Ҳибсга олинган биринчи шахс Навальнийнинг Уфадаги штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Лилия Чанишева бўлди. У тўққиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юлия Навальная Инсон ҳуқуқлари жамғармаси (Human Rights Foundation) раиси этиб сайланганди. Ташкилотнинг олдинги раиси Гарри Каспаровнинг ваколати тугатилган. Навальная бу лавозимга киришар экан, диктатуранинг унинг оиласига қилган таъсирига муносабат билдирган. Жамғармага кўра, турмуш ўртоғи, марҳум россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қўрқмасдан қўллаб-қувватлагани билан танилган Юлия Навальная Инсон ҳуқуқлари жамғармасига янгича йўналиш олиб киради. Бунда унга демократик тамойиллар ва инсон ҳуқуқларига бўлган содиқлиги ёрдам беради.