НАТОнинг 4 та давлати узоқ масофали ракеталарни бирга ишлаб чиқаришга келишиб олди
Олам
−
11 Июль
4318Бугун, 11 июль куни АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги НАТО саммити доирасида Франция, Германия, Италия ва Польша узоқ масофага учувчи қанотли ракеталарни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Келишувга кўра, ракеталар 500 километрдан ортиқ масофага уча оладиган қилиб ишлаб чиқарилади. Мамлакатлар Мудофаа вазирлари томонидан бу борада келишув ҳужжатига имзо чекилган.
Бироқ Германиянинг “Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетаси ракеталар 1000 километрдан ортиқ масофага уча олиш қобилиятига эга бўлишини ёзган. АҚШ эса 2026 йилдан эътиборан Германияга узоқ масофали қуролларни жойлаштиришни бошлайди.
“Ракеталар Германия ҳудудидан Россия нишонларига етиб бориши режа қилинмоқда”, дея ёзган газета.
Италия оммавий ахборот воситаларининг аниқлик киритишича, Вашингтонда имзоланган ҳужжат қуруқлик мудофаасини кучайтиришга қаратилган.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг аввалроқ айтганидек, июль ойидаги НАТО саммитининг асосий мавзуси Украина учун қурол-яроғ етказиб бериш ва ҳарбий тайёргарлик бўлади. Альянс Бош котибининг сўзларига кўра, саммитда Украина Қуролли кучларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилиниши режа қилинган. Саммит бугун ўз ниҳоясига етади.