НАТО Украинадаги урушга аралашганини тан олди – Медведев
Олам
−
11 Октябрь 2022
13382НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг Россиянинг Украинадаги ғалабаси НАТОнинг мағлубиятини англатиши ҳақидаги сўзлари альянснинг можарога аралашганини тасдиқлайди. Бу фикрни бугун, 11 октябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram-каналида билдирди.
“НАТО Бош котибининг Россиянинг ғалабаси Шимолий Атлантика альянсининг мағлубиятини англатиши ҳақидаги тезиси блокнинг мамлакатимизга қарши урушда иштирок этганининг тўғридан-тўғри тасдиғидир. Улар айтганидек, буюк ақлдан эмас, пок юракдан. Норвегиялик ҳалол йигит ниҳоят буни тан олди”, деб ёзади сиёсатчи.
Эслатиб ўтамиз, Столтенберг бугун, 11 октябрь куни НАТО Мудофаа вазирлиги раҳбарларининг Брюсселдаги учрашуви арафасида ўтказилган матбуот анжуманида Россиянинг Украинадаги можародаги ғалабаси НАТО учун мағлубият бўлишини айтган эди. Альянс бош котибига кўра, НАТО Украинада узоқ давом этадиган урушга тайёр бўлиши керак.