НАТО Россия аҳолисининг бирлашишига “ёрдам берди” – Лавров

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НАТОнинг Россияни парчалашга уринишлари мамлакат аҳолисининг бирлашишига олиб келганини айтди. Бу ҳақда у Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашига раислиги доирасида Нью-Йоркка ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Россия НАТОнинг кенгайишига тўсқинлик қилишга уриниб кўрди, лекин охир-оқибат уни тезлаштирди, деган тезис сизнинг “қўнғироқ минорангиз”дан янграб туради. Бизда ҳам ўзимизнинг “қўнғироқ минораларимиз” бор. Бироқ Россия Федерацияси ва хориждаги холис кузатувчилар ва сиёсатшуносларнинг берган баҳолари шундан иборатки, НАТО Россияни йўқ қилмоқчи бўлган, лекин охир-оқибат уни жипслаштирган”, деган Лавров.

Шунингдек, Россия дипломатияси раҳбари АҚШнинг россиялик журналистларга виза беришдан бош тортганига ҳам эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтонга Москвадан нимадир керак бўлса, Россия ўзининг журналистларига визанинг берилмаслиги билан боғлиқ вазиятни ёдда тутади.

“Жавобимизга келсак, биз Америка раҳбариятининг бундай ноинсоф хатти-ҳаракатларини албатта ёдда тутамиз, менинг тушунишимча, қарор Давлат департаментида қабул қилинган. Америкаликларга биздан нимадир керак бўлганда буни ҳисобга оламиз”, деган Россия Ташқи ишлар вазири.

Бундан ташқари, Лавров дон битимини узайтириш истиқболларини ҳам баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, ғалла битими атрофидаги вазият боши берк кўчага кириб қолган. У БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг келишув бўйича саъй-ҳаракатларини қайд этган, бироқ Россия қишлоқ хўжалиги экспорти масаласида деярли ҳеч қандай натижа йўқ эканини айтган.

Украинадаги вазиятга келсак, Лавров Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумидан кейин бўладиган Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар ҳақидаги баёнотларни “шизофрения” деб атаган. 

“Энди бу бемаъни назария пайдо бўлди: келинг, энди Украинани муваффақиятли қарши ҳужум билан таъминлайлик ва кейин Украинадан, Зеленскийдан музокараларни бошлашни сўрайлик. Бу қандайдир шизофрения мантиқидир”, дея киноя қилган Лавров.

Бундан ташқари, Лавров Россия Федерацияси ва АҚШнинг ҳибсдаги фуқароларини алмашиш масаласини муҳокама қилиш учун махсус канал яратилганини айтди.

“Президент Байден ва Президент Путиннинг 2021 йил июнь ойида Женевада бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувга кўра, АҚШда ҳибсга олинган Россия фуқаролари ва Россия Федерациясида ҳибсга олинган Америка фуқаролари масалаларини муҳокама қилиш учун махсус канал яратилди”, дея таъкидлаган Россия Ташқи ишлар вазири.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Сергей Лавров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг