НАТО Болтиқ денгизида янги ҳарбий штаб очди

Олам

image

НАТО Болтиқ денгизидаги вазиятни доимий кузатиш учун мўлжалланган янги ҳарбий-денгиз штабини очди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Германия Мудофаа вазири Борис Писториус мамлакатнинг Росток шаҳрида НАТОнинг Болтиқ денгизидаги вазиятни доимий кузатиши учун мўлжалланган янги ҳарбий-денгиз штабини тантанали очиб берган. Ўз нутқида у минтақанинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг Россияга яқин географик жойлашуви ҳақида гапирган. У, шунингдек, Россия тўхтовсиз тажовузни амалга ошираётгани, минтақани беқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатлар қилаётганини билдирган.

“Янги штаб НАТО манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди, айниқса, Россияга яқинлигини инобатга олган ҳолда”, деди Писториус.

Бундан ташқари, у Россиянинг тажовузи турли шаклларда намоён бўлаётганини – гибрид ҳаракатлардан тортиб киберҳужумларга қадар давом этаётганини ҳамда ушбу ҳаракатлар тинчлик ва уруш ўртасидаги чегараларни хиралаштириб, Европа хавфсизлигини издан чиқараётганини, ишончни бузаётганини ва Москва таъсирини кучайтиришга ёрдам бераётганини ҳам қайд этган.

“Биз Путин ютиб чиқмаслиги учун бор кучимизни сарфлашимиз керак. Биз ўзимизни ҳимоя қилиш ва НАТОнинг шарқий қанотидаги ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлашимиз шарт”, дейди вазир.

Писториусга кўра, Болтиқ денгизи Шимолий Европадаги энг муҳим стратегик минтақалардан бири. Ушбу минтақа нафақат ҳарбий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим роль ўйнайди. Бу ерда йирик шамол электр станциялари жойлашган, минглаб километр кабель ва қувурлар ётқизилган, кўплаб портлар фаолият юритмоқда.

“Германия минтақадаги ғарбий давлатлар орасида энг катта ҳарбий флоти ва денгиз амалиётларида сезиларли тажрибаси ҳамда билимларига эга бўлган давлат сифатида энди Болтиқ денгизи хавфсизлиги учун жавобгарликни ўз зиммасига олмоқда”, деди Писториус.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва Россия чегарасида Германия Қуролли кучларининг 4000 аскарини жойлаштирадиган ҳарбий база қуришни бошлаган эди. Литва армияси бош қўмондони Раймундас Вайкшнораснинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин уч йилда базани ривожлантириш учун 1 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланади. 


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Болтиқ денгизи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made