Наркотик сотаётган она ва унинг икки ўғли қўлга олинди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан Тожикистондан олиб келиб, уни сотиш билан шуғулланиб келган оила аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Тошкент вилоятида “Оҳангарон – Пискент” йўналишида ҳаракатланаётган, олдиндан кузатувга олинган Equinox русумли автотранспорт воситаси текшириш мақсадида тўхтатилди. Натижада, автомашинада бўлган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган аёл ва унинг 1999 йилда туғилган ўғли тожикистонлик танишлари томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойда қолдирилган гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун кетаётгани маълум бўлди.

Сўнгра уларнинг уяли алоқа воситалари текширилганида, тожикистонлик шахс томонидан Telegram мессенжери орқали наркотик модданинг геолокацияси ва фотосуратлари юборилгани аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда Пискент тумани ҳудудидаги йўл четига яшириб кетилган 4 кг 985 гр “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, уларнинг Олмазор туманидаги яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 124 гр “опий” ва 1 кг 976 гр “гашиш” моддалари олинди.

Бундан ташқари, аёлнинг 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган ўғли ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси иккинчи қисми ва 25, 273-моддаси бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятида жами 25 минг дозани ташкил қилган 12,5 килограмм гиёҳвандлик воситалари аниқланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ДХХ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг