Нью-Йорк қалин тутун ичида қолди (видео)

Олам

image

Канадада давом этаётган кучли ўрмон ёнғинлари туфайли Нью-Йорк зич тутун билан қоплади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.

Келтирилишича, Нью-Йорк мэри Эрик Адамс аҳолини очиқ ҳавода сайр қилишни чеклашга чақирган. Мактабларнинг очиқ ҳаводаги фаолияти ҳам бекор қилинган. Шунингдек, одамларга ниқобсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда.

Метеорологларнинг фикрича, ҳафта охиригача шаҳарлардаги ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда.

Айтилишича, Нью-Йорк шаҳри дунёдаги ҳаво сифати энг ёмон шаҳарлар орасида иккинчи ўринда туради. IQAir хизматига кўра, кеча бу кўрсаткич кескин юқорилаган, ҳаттоки бу борада етакчи бўлган Деҳлини ҳам ортда қолдирган.

Маълумот ўрнида, жорий йил бошидан бери Канаданинг Квебек провинциясида 400 дан ортиқ ўрмон ёнғинлари аниқланган. Йил бошидан бери Канада бўйлаб 3,6 миллион гектар ўрмонлар вайрон бўлган, шундан 200 минг гектардан ортиғи Квебекдадир. Айни пайтда вилоятда 160 дан ортиқ ўрмон ёнғинлари фаол бўлиб, улардан 100 дан ортиғи ҳали ҳам бартараф этилмаган.

Ёнғин тутуни Канада ва АҚШнинг шарқий қирғоқлари бўйлаб тарқалди. Ҳавонинг ифлосланиши ҳақида огоҳлантиришлар Нью-Йорк ва Коннектикутда эълон қилинган. Пенсильвания, Вермонт ва Нью-Жерси штатларида ифлосланиш даражаси юқори бўлиб, ўпка-нафас йўлларида муаммоси бор аҳоли учун хавфли. Канададаги ўрмон ёнғинлари тутуни Миннесота, Висконсин, Иллиной, Огайо, Индиана, Кентукки ва Виржиния штатларининг бир қисмида ҳам ҳаво сифатини пасайтирган.

Расмийлар агар ёнғинлар шу тезликда тарқалишда давом этса, Канада тарихидаги энг йирик ўрмон ёнғинига айланиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Нью-Йорк Канада ўрмон ёнғинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг