Жаслиқда 5 минг нафар диний экстремист сақланаётгани ростми?
Жамият
−
04 Август 2019
17026Қорақалпоғистоннинг Қўнғироқ тумани Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси дунёнинг кўплаб мамлакатлари инсон ҳуқуқларига қарши бўлган қамоқхона сифатида баҳоланиб келинарди. Ўтган аср охирида, 16 февраль воқеаларидан кейин ташкил топган бу қамоқхонада асосан диний экстремизм билан айбланган маҳбуслар сақланиши, улар сони эса 10 мингдан ошиб кетгани ҳақидаги гаплар сизнинг ҳам қулоғингизга чалинган бўлиши керак.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2 август куни имзолаган “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарори билан ушбу қамоқхона тугатилиши белгиланди. Хўш, унда қанча маҳбус бор эди. Айтилганидек, 10 минг кишими? Уларнинг тақдири нима бўлади. Буларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири аниқлик киритди.
“Мен биринчи марта рақамларни айтмоқчиман. Жаслиқ колониясида 10 минггача маҳкум, 5 мингта диний экстремистик жиноятларни содир этгани учун сақланади деган миш-мишлар жуда кўп учраган. Мен шуни очиқ айтмоқчиман, бугунги кунда бу муассасанинг лимити 1100 ўрин. Ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланяпти. Шуларнинг атиги 10 фоизи диний экстремистик жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслардир”, дейди Пўлат Бобожонов.
Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига кўра, 19-сон ЖИЭКда сақланаётган маҳкумлар бир ой муддатда суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига ўтказилади.
LiveБарчаси