“Музокара бўлмаса, зарбалар кучаяди”. Трамп Эронга яна таҳдид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон музокараларга рози бўлмаса, мамлакатнинг электр станциялари ва кўприкларига зарба беришини айтди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ Эронга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттиради ва агар Теҳрон музокара столига ўтирмаса, келаси ҳафтадан унинг энергетика ҳамда транспорт инфратузилмаси нишонга олинади.

“Келаси ҳафта улар учун вазият янада ёмонлашади. Навбат электр станцияларига, ундан кейин кўприкларга келади. Агар улар музокараларга рози бўлмаса, барча электр станциялари ва кўприкларини ишдан чиқарамиз”, деган Трамп “Fox News” телеканалига берган интервьюсида.

Ушбу баёнот АҚШ кучлари кетма-кет тўртинчи кун Эрондаги нишонларга зарба бераётган ва Ҳoрмуз бўғозидаги Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини қайта тиклаган пайтда янграган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Вашингтон минтақадаги нефть ва газ экспортини денгиз йўллари орқали тўсишга уринса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари фойдаланаётган бошқа экспорт йўналишлари ҳам ёпилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Қайд этилишича, Трамп жорий йилнинг март ойида ҳам Эрон тинчлик шартларига рози бўлмаса, мамлакатнинг электр станциялари ва сув таъминоти инфратузилмасини йўқ қилиш билан таҳдид қилган. Халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра, фуқаролик инфратузилмасига қасддан зарба бериш уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободий АҚШнинг денгиз блокадасини қайта жорий этиши аввал эришилган келишувларга путур етказганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп яқин орада АҚШ Эрондаги Пикакс тоғига зарба беришини маълум қилиб, Вашингтон Эронга қарши кучли ҳужумларни давом эттириши ҳақида огоҳлантирганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг