Мурат Камалов нега лавозимидан озод этилгани айтилди
Жамият
−
26 Август 2022
37369Бироз аввал хабар берганимиздек, қарийб икки йилдан буён Қорақалпоғистонни бошқариб келаётган Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов Жўқорғи Кенгесининг бугун, 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари 34-сессиясида лавозимидан озод этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раиси ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов Камаловнинг лавозимидан озод этилиши сабабига аниқлик киритди.
Қайд этилишича, сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камаловнинг бетоблиги сабабли ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилган. Шунга кўра, Мурат Камаловнинг ваколат муддатини олдиндан тўхтатиш ва эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Маълумот учун, Мурат Камалов 2020 йилнинг октябридан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси