Мулозим эрини зўравонлик ва педофилияда айблаган аёл ўғирлаб кетилди

Олам

−

image

Туркманистонда собиқ эри – юқори лавозимли мулозимни ўзига ва 11 ёшли қизига нисбатан жинсий зўравонлик қилганинини очиқлаган ва мулозимнинг жазоланишига ҳаракат қилаётган аёл  жорий йилнинг 16 октябрь куни кечқурун куч ишлатар тизимлар томонидан ўз уйидан ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда “Turkmen news” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, жорий йилнинг 16 октябрь соат 17:00 лар атрофида Жерен қизи билан яшайдиган хонадонга полиция ва прокуратуранинг тўққиз нафар ходими бостириб кирган. Улар аёлга ҳатто пойабзалини кийишга ҳам имкон бермай ушлаб, автомобилга босган ва олиб кетган. Буларнинг барчаси кичик қизчанинг кўз олдида содир бўлган. Қизчадан қариндошлари хабар олиб турган бўлса-да, у амалда ёлғиз қолган.

Куч ишлатар органлар жабрланувчига нега хавфли жиноятчи каби муомала қилишаётгани, у қаерга ва қанча муддатга олиб кетилаётгани ҳамда қайси мақомда экани ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган. Деярли уч суткадан бери Олтиеванинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. У блогер Нурмуҳаммет Аннаевга ва нашрга ўз бошидан кечирганларини ошкора айтиб бергани учун қийноққа солиниши ёки руҳий босимга учраши мумкин.

2025 йилда Жерен Олтиева нуфузли божхона мулозими Месген Акмаммедов билан шаръий никоҳда яшай бошлаган. Интим муносабатлар ўрнига эркак Жеренни зўрлаб келган, аммо бошида аёлни бу вақтинчалик психологик муаммоларнинг кўриниши ва тез орада бундан халос бўлишига ишонтиришга эришган. Шунга қарамай, у ўз ҳаракатларини давом эттирган ва орадан кўп ўтмай Жереннинг биринчи турмушидан бўлган ўша пайтдаги 11 ёшли қизига шилқимлик қила бошлаган. Шу сабабли қизча ўз жонига қасд қилишга уринган.

“Олтиева бир неча ойдан бери Акмаммедовнинг жазоланишини ҳамда ўзи ва қизи учун адолат қарор топишини талаб қилиб келмоқда. Унинг туғилган шаҳри Байрамали, шунингдек, зўравонлик такрорланган Бахтиёрлик этрапи ва Ашхобод шаҳри прокуратура органлари далилларни сохталаштириб ва қонунни манипуляция қилиб, жиноят ишини юритишдан бош тортиган”, дейилади хабарда. 

Нашрнинг ёзишича, аёлнинг Бош прокуратура, Олий суд ва Туркманистон омбудсманига қилган шикоятлари ҳам ҳеч қандай натижа бермаган. Акмаммедовни нафақат куч ишлатар тузилмалардаги, жумладан, Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлигидаги дўстлари, балки мамлакатнинг энг нуфузли аёлларидан бири – Арқадағ шаҳри ҳaкими Гулшод Маммедова ҳам ҳимоя қилаётган бўлиши мумкин. Эркак уларнинг қариндош экани тахмин қилинмоқда.

“Туркманистон одил судлов ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими унинг олдида эшикларини ёпгани сабабли Жерен Олтиева бу воқеани ошкор қилишга қарор қилган эди. Зўравонлик содир этган мулозимни эмас, балки жабрланувчини таъқиб қилиш – бу нафақат қонунсизликнинг ва асосий ахлоқ нормаларининг бузилишининг яққол мисоли, балки Туркманистон обрўсига тушадиган эҳтимолий хунук доғдир. Олтиева зудлик билан озод этилиши ва унинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатланиши керак”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида гўштнинг қимматлиги сабабли стихияли норозилик юз бергани ва оломонни тинчлантириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари етиб воқеа жойига етиб боргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, тушунтириш ишлари олиб борган полициячилардан фарқли ўлароқ, Миллий хавфсизлик вазирлиги вакиллари уларни зудлик билан қўлга олишни буюрган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг