Мухолиф журналист Алиевни хотинидан тортиб ёрдамчисигача сўроққа тутди (видео)

Олам

image

Германиянинг Мюнхен шаҳрида бошланган 2026 йилги хавфсизлик конференциясига борган Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев бошчилигидаги делегация, хусусан, мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ва Президент ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев озарбайжонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Эмин Ҳусейновнинг кескин саволлари остида қолди. Ушбу жараён акс этган кадрларни журналист ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида улашди.

Жорий йилнинг 13 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида иштирок этиш учун Германия Федератив Республикасига ташриф буюрган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев учрашувларда иштирок этиб қайтар экан, йўлакда уни давлатга яқин бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олган ва савол билан юзланган. Уларга жавоб қайтариб йўлида давом этар экан, Алиевни Мухбирлар эркинлиги ва хавфсизлиги институти раиси, Швейцариядаги сиёсий қочқин Эмин Ҳусейнов саволга тутган. Журналист унга яқинлашиб, мустақил оммавий ахборот воситаларига ҳам интервью беришини сўраган. Президент эса йўлидан тўхтамай “Дунёда мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ”, эканлигини айтган.

Шундан сўнг, Ҳусейнов Иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ва Президент ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиевга юзланиб, мустақил оммавий ахборот воситалари номидан Илҳом Алиевга савол бергани, лекин у жавоб бермаганини айтган. Жабборов Ҳусейновнинг саволларига эътибор ҳам қилмаган бўлса, Ҳожиев уни эркин оммавий ахборот воситаси деб ҳисобламаслигини билдирган.

Ҳусейновнинг кейинги ва шов-шувларга сабаб бўлган суҳбатдоши мамлакат биринчи хоними ва вице-президенти Меҳрибон Алиева бўлган. У журналистнинг демократия ҳақидаги саволини эътиборсиз қолдириб, Озарбайжонда демократия қай даражада эканини айтишдан қочган ва Ҳусайновнинг шахсиятига нисбатан кескин гаплар гапирган.

“Аёл киши кийимида элчихона ичида яширинган сизмидингиз? Сизга фақат соғлиқ тилайман”, деган Алиева. 

Ҳусейнов эса аёл кийимида бўлмаганини айтиб, вице-президентнинг мамлакатдаги воқеалардан тўлиқ хабардор эмас эканлигини гапирган.  

Ушбу ҳолат кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг, Озарбайжондаги Baku TV нашри биринчи хоним нима демоқчи бўлганини изоҳлашга уринди. 

Унга кўра, балки ёш авлодга бегона бўлган бу савол орқали Меҳрибон Алиева  кўпчиликка Эмин Ҳусейновнинг ўтмишдаги элчихона саргузаштларининг баъзи лаҳзаларини эслатмоқчи бўлган. 1979 йилда Бакуда туғилган Эмин Ҳусейнов Кооператив, Иқтисодий ва Баку давлат университетларида таҳсил олган. У журналист ва фаол сифатида ишлаган. 2014 йил август ойи бошида солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланган Эмин Ҳусейнов ўзи бошқарган Мухбирлар эркинлиги ва хавфсизлиги институти офисида тинтув ўтказилгани ҳақидаги хабарни олгач, дарҳол АҚШ элчихонасига борган ва у ерда яширинишга ҳаракат қилган. Бироқ элчихона америкалик ҳарбий аёлга уйланган Ҳусейновнинг бу илтимосини рад этган. 

“Август ойи бошида Ҳусейнов Бакудаги АҚШ элчихонасида бўлиб ўтган тадбирга боради ва элчихонанинг муваққат ишлар вакили Дерек Хоган билан ёлғиз қолади. Элчи Ричард Морнингстар бир неча ҳафта олдин Бакуни тарк этган эди. Манбаларга кўра, Эмин Хоганга қоғоз топширади. “Менга қандай ёрдам бера оласиз? Мен ҳибсга олинишим мумкин”, дейди. Хоган ёрдам бера олмаслигини айтади”, дейилади хабарда.

Эмин Ҳусейновнинг Озарбайжон медиаси томонидан сунъий интеллектда ишланган сурати

Baku TV’нинг қўшимча қилишича, матбуот Ҳусейнов дипломатик корпусда яширинганини ёзган бўлса-да, элчихона 12 август куни раддия бериб чиқади. У ташқи қиёфасини бутунлай ўзгартириб, сочларини бўяйди ва бошқа кийимлар кияди. Бошқа бир манбанинг айтишича, Ҳусейнов ҳатто одамлар уни танийдими ёки йўқми, билиш учун шу шаклда ташқарига чиқади. Ниҳоят, 18 август куни озарбайжонлик таниши Эминни Швейцария элчихонаси яқинида тушириб қўяди. Эмин элчихона атрофидаги фуқаролик кийимидагилар полиция эканлигини тушунади. У улар билан инглиз тилида гаплашиб алдашга ҳаракат қилади.  Аввалига улар Ҳусейновни танимайди. Шундай қилиб, Эмин Ҳусейнов Швейцария элчихонасида тахминан 10 ой қолади. 2015 йил 13 июнда Озарбайжон ҳукумати билан музокаралардан сўнг, у Швейцария Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли дипломати Диде Буркҳалтер ҳамроҳлигида ушбу мамлакатга учиб кетади. Вақти-вақти билан Озарбайжон ҳақида туҳмат кампаниясини олиб борган Эмин Ҳусейнов ҳозирда Швейцарияда яшайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжонда мухолифатнинг етакчиларидан бири, Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримли ва партия аъзоси Мамед Иброҳим ҳибсга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист Илҳом Алиев Меҳрибон Алиева Ҳикмат Ҳожиев Микойил Жабборов Германия Федератив Республикаси Эмин Ҳусейнов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг