Муборак ГҚИЗ 11 млрд сўмлик компенсацияни рад этди
Жамият
−
13 Май 3596 2 дақиқа
Аввалроқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Муборак газни қайта ишлаш заводидаги аниқланган ноқонуний ҳолатлар оқибатида корхонага салкам 11 миллиард сўмлик компенсация ва 7 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилгани ҳақида хабар қилган эди. Вазият юзасидан корхона раддия билдириб, аниқланган ноқонуний ҳолатларни рад этди.
Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак газни қайта ишлаш заводида жорий йилнинг 12–19 март кунлари Муборак туманида яшовчи фуқаро Ш. Эгамбердиевнинг мурожаати асосида Экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъул шахслари томонидан текширув ўтказилган. Мазкур жараёнда амалдаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда иш олиб борилиб, якунда асоссиз равишда 10 млрд 800 млн сўм компенсация тўлови ундириш тўғрисида далолатнома имзоланган. Таъкидланишича, мазкур далолатнома завод раҳбарияти иштирокисиз, текширувчилар томонидан бир томонлама расмийлаштирилган.
“Мазкур текшириш ва расмийлаштирилган далолатнома юзасидан Муборак газни қайта ишлаш заводи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девонига белгиланган тартибда шикоят киритилган”, дейилади раддияда.
Билдирилишича, вакил девони томонидан шикоят атрофлича ўрганиб чиқилиб, текширув давомида Экология қўмитаси мансабдор шахслари амалдаги қонунчилик талабларини бузганлиги аниқланган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-2-моддасига (тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш) асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Муборак туман судига юборилган.
“Шунингдек, ҳозирги кунда ушбу низоли вазият Тошкент туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилмоқда”, деб қўшимча қилинган.
Шу билан бирга, суд жараёнлари якунига етмасдан туриб тўлиқ асосланмаган (аслида, ахборот расмий ҳукумат порталида эълон қилинган маълумотни кенг жамоатчиликка тарқатиш ва тадбиркорлик субъектини “айбдор” сифатида кўрсатиш “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра тадбиркорнинг ишчанлик обрўсига зарар етказиш деб баҳоланиши таъкидланган.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси