Муҳаммад Салоҳ йилнинг энг яхши футболчиси бўлди
Спорт
−
20 Август 2025 4243 2 дақиқа
Англиянинг “Ливерпуль” жамоаси ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Профессионал футболчилар ассотсиациясининг (PFА) талқинига кўра, йилнинг энг яхши футболчиси деб эълон қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
33 ёшли Салоҳ ўтган мавсумда “Ливерпуль”нинг чемпионлик ютуғида муҳим роль ўйнаб, бу совринни уч марта ( 2017-2018, 2021-2022 ва 2024-2025 йил) қўлга киритган тарихдаги биринчи футболчига айланди. 2024-2025-йилги мавсумда Салоҳ 29 та гол уриб, Премьер-лиганинг энг яхши тўпурари бўлди. Унга соврин учун жамоадоши Алексис Мак Аллистер, “Манчестер Юнайтед” сардори Бруну Фернандеш, “Ньюкасл” ҳужумчиси Александер Исак, “Челси” футболчиси Коул Палмер ва “Арсенал” ярим ҳимоячиси Деклан Райс ҳам рақобат қилган эди.
Шунингдек, “Астон Вилла” жамосининг ярим ҳимоячиси Морган Рожерс йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида этироф этилди. У Энди Грей, Гэри Шоу, Эшли Янг ва Жеймс Милнердан кейин мавсумнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган “Астон Вилла” жамаосининг 5- ўйинчисига айланди. Рожерс 2024 йил февралида 15 миллион фунт эвазига “Мидлсбро”дан трансфер қилинган ва тезда Унаи Эмери қўл остида асосий футболчига айланганди.
23 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумда барча мусобақаларда 54 учрашувда майдонга тушиб, 14 та гол урди. Унинг жамоаси Премьер-лигада 6-ўринни эгаллади, Чемпионлар лигаси чорак финали ва Англия кубоги ярим финалига қадар етиб борди.
Бундан ташқари, Англия терма жамоасининг собиқ бош мураббийси Гарет Саутгейт футболга қўшган ҳиссаси ва миллий жамоа билан эришган ютуқлари учун 2025 йилда PFА'нинг махсус мукофотига сазовор бўлди.
У 2016 йилдан 2024 йилгача бошқарган Англия терма жамоаси билан тўртта йирик турнирда иштирок этиб, уларни Евро-2020 ва Евро-2024 финалига ҳамда 2018 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалига олиб чиққан мураббий ҳисобланади. Унинг меҳнатлари эътироф этилиб, PFА томонидан махсус мукофот топширилди.
Live
Барчаси