МСК раиси ўринбосари ишдан кетди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Гулноза Раҳимова лавозимини тарк этди. У ўз хоҳишига кўра ишдан кетиш ҳақида ариза ёзган. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни Комиссия раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошчилигида ўтган йиғилишда маълум қилинган.

Йиғилишда Гулноза Раҳимовани лавозимидан озод этиш ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Маҳмуджон Шуҳратович Истамовни раис ўринбосари лавозимига сайлаш ҳақида қарорлар қабул қилинган. 

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини қабул қилинганлиги муносабати билан Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор Низом ва Йўриқномалари ўз кучини йўқотган деб топилди.

Комиссия қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мажлис кун тартибидаги Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилиниб, жорий йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитиш Концепцияси”, “Концепцияни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури”, “Тренер-экспертлар иштирокидаги сайлов комиссиялари учун ўқув-семинар машғулотлари дастури”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш бўйича эксперт-тренерлар рўйхати” тасдиқланиб, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича Ўқув марказига сайлов комиссиялари аъзолари ва сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчиларини сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялари бўйича тизимли ўқитишда Концепция доирасида қатъий чора-тадбирлар дастурига мувофиқ самарали натижадорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси белгиланди.

Шу билан бирга, сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юзасидан тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги ижроия ҳокимияти органларига юборилган топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Маълумот ўрнида,  Гулноза Раҳимова 1959 йилда туғилган, олий маълумотли - Тошкент давлат университетини тамомлаган, мутахассислиги - ҳуқуқшунос. Кўп йиллар мобайнида прокуратура органлари тизимида масъул лавозимларда, 2010 йилдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритган. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси этиб сайланган. Шу йил 4 майдан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган. 

МСК раиси ўринбосари лавозимида иш бошлаган Маҳмуд Истамов 1979 йил 24 февралда Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.

2000 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқармада бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2004-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази раҳбари, 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлими бошлиғи, 2006-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг Адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича инспектори, 2011-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг Адлия идоралари масалалари шўъбасининг етакчи инспектори, 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси мудири, 2017 йил 14 августига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шўъбаси мудирилавозимларида фаолият кўрсатган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3208-сон қарорига мувофиқ Маҳмуд Истамов Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланган.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий сайлов комиссияси Гулноза Раҳимова Маҳмуд Исматов

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made