Москвадаги қонли ҳужум айбдорининг олиб кетилган қариндошларига нима бўлди?
Олам
−
05 Апрель
24040Аввалроқ, Москва яқинидаги қонли ҳужумда айбланаётганлардан бири Фаридун Шамсиддиннинг ота-онаси, укаси, хотини ва саккиз ойлик чақалоғи номаълум томонга олиб кетилгани ҳақида хабар бергандик.
"Asia-Plus" нашрининг ёзишича, Тожикистон расмийлари Фаридуннинг яқинларини сўроқ қилганидан сўнг қўйиб юборган.
Шунга қарамай, унинг Россиядан депорт қилингани айтилган опаси ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Айбланувчининг ўзи 23 март куни, "Крокус"га қилинган ҳужумнинг эртаси куни ҳибсга олинган.
Нашр журналистлари вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида яна Лойоб қишлоғига борган. Йўлда Фаридуннинг укаларидан бири Манучеҳрни учратиб қолишган.
"У Тожикистон педагогика университетининг психология факультетида таҳсил олади. У ҳам яхшигина сўроқдан ўтказилиб, тўрт кун аввал ота-онаси, акасининг хотини ва амакиси билан қўйиб юборилган. Айбланувчининг укаси сўроқ тафсилотларини ошкор қилишни истамади, фақат ўзи ва бошқа яқинлари акасининг юзлаб одамларни ўлдирганига ишонмаслигини айтди", деб ёзади нашр.
Манучеҳрга кўра, у айнан теракт содир бўлган 22 март куни акаси билан гаплашган: "Фаридун ишда экан, квартирасига етиб бориб, ифтордан сўнг қўнғироқ қилишга ваъда берганди".
Маълум бўлишича, Фаридун қурилишда ишлаган ва Рамазон ойи бошланишидан олдин уйига 700 сомоний пул юборган.
"Ажабланарлиси у динга кўпчилик қатори муносабатда бўларди", деган Манучеҳр.
Айбланувчининг опаси қаерда?
Афсуски, Фаридуннинг опаси – Маҳбуба Заргаровадан хабар йўқ. Россия матбуотига кўра, у мамлакатдан чиқариб юборилган. Манучеҳр опаси ҳақида: "Мен фақат унинг Россиядан депорт қилинганини биламан, лекин уйга қайтмади", деган.
"Озоди" радиосининг билдиришича, Маҳбуба турмуш ўртоғи Аминжон Исломовнинг ҳам уйига бормаган.
Эътиборлиси, унинг эри Аминжон Исломов ҳам террорчилик актида иштирок этганликда гумонланиб, Россияда ҳибсга олинган. Аминжон, унинг укаси Диловар ва отаси Исроил Исломовлар террорчиларга машина сотишда айбланиб, ушланган. Исломовлар машинани Фаридунга фожиадан анча олдин сотганини рўкач қилган.
Фаридуннинг саккиз ойлик чақалоғи
"Фаридун оиладаги беш фарзанднинг иккинчиси. У бир йил аввал оила қурган бўлиб, айни пайтда 8 ойлик чақалоғи бор. Ҳозир хотини саккиз ойлик боласини олиб, отасининг уйига кетган", дейилади нашрнинг суриштирувида.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди. Россия Фидерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников Россия Президенти Владимир Путинга 11 киши ҳибсга олинганини очиқлади.
Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.
Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 133 нафарга етгани ҳақида хабар берганди. Янгиланган маълумотларга кўра, теракт оқибатида камида 140 нафар одам ҳалок бўлган бўлса, 360 дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олган.
LiveБарчаси