Молдовага 17 соатда Россиянинг 5 та дрони қулади
Олам
−
10:21 1360 2 дақиқа
Молдова ҳудудига 17 соатдан ортиқ вақт ичида Россияга тегишли деб топилган бешта дрон қулаб тушди. Ҳодисалар ортидан мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Россияни қоралади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, дронлар жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Молдова ҳаво ҳудудига кирган. Уларнинг барчаси мамлакатнинг, асосан, шимолий ва шарқий ҳудудларига қулаган. Ҳодисалар оқибатида бир киши енгил тан жароҳати олган, шунингдек, моддий зарар етган.
“Бу ҳодисалар фуқаролар хавфсизлигига таҳдид солади ва Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатаётганини англатади”, дейилади Молдова Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Маълум қилинишича, бундай ҳодисалар сабаб Молдова Ташқи ишлар вазирлиги аввал ҳам Россия элчиси Олег Озеровни изоҳ талаб қилиш учун чақирган.
Молдова Президенти Майя Санду Россиянинг ташқи сиёсатини мамлакат манфаатларига зид деб ҳисоблайди. Шу сабабли у Озеровнинг дипломатик ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни топширишига рухсат бермаган. Элчи эса икки йилдан ортиқ вақтдан бери Молдовада фаолият юритмоқда.
Ўз навбатида, Россия томони Сандуни Москвага нисбатан душманона сиёсат юритишда айблайди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Молдова билан муносабатларни яхшилаш учун Санду ҳукумати русофобияга асосланган сиёсатидан воз кечиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Молдовани Ғарб давлатлари кўмагида Россия билан урушга тайёрланаётганликда айблагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь