Моди нега Россиядан кейин Украинага бормоқчи?
Олам
−
22 Август
3753Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 30 йил ичида Украинага ташриф буюрган биринчи ҳинд ҳукумати раҳбарига айланади.
Киев Модининг келишини 23 август – Украина мустақиллик куни арафасида ва Бош вазирнинг Москвага сафаридан бир ой ўтиб кутмоқда. Унинг ташрифи украиналиклар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлиши шубҳасиз.
Ҳиндистон 2022 йил февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши фонида Киев ва унинг иттифоқчиларининг жиддий ғазабига қарамай, Россия билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда.
Моди томонларни тинчликка чақирса-да, Украинадаги урушда бевосита Кремлни айблашдан бош тортди. Бу Ҳиндистон Бош вазирининг жорий йилнинг июль ойида Россияга сафари чоғида ҳам яққол намоён бўлди. Модининг Президент Владимир Путин билан учрашуви Россиянинг Украина шаҳарларига навбатдаги ракета ҳужумига тўғри келди, бунинг оқибатида Украинадаги энг йирик Охматдит болалар шифохонаси вайрон бўлди.
Ҳиндистон раҳбарининг Украинага ўнлаб йиллардаги биринчи ташрифи
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский Модининг Россияга июль ойидаги ташрифини “ҳафсаласизлик” деб атади.
“Дунёдаги энг йирик демократик давлат раҳбарининг шундай кунда Москвада дунёдаги энг ашаддий душманимизни қучоқлаганини кўриш тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларга катта умидсизлик ва зарба бўлди”, деб ёзган Зеленский.
Энди Моди Украинага уруш бошланганидан бери биринчи ташрифини амалга ошириш арафасида. Бу Ҳиндистон раҳбарининг тахминан 30 йил ичида мамлакатга илк ташрифи бўлади.
“Ҳиндистон ҳам Россия, ҳам Украина билан муҳим ва мустақил алоқаларга эга ва бу ҳамкорликлар ўз-ўзидан мавжуд”, дейди Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Танмаля Лал.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Украинага ташриф Ҳиндистонга ташқи сиёсатида мувозанатни сақлашга ёрдам беради, шунингдек, Нью-Деҳлига Киевни тинчлик музокараларига ундаш имкониятини яратади.
“Россия азалдан анъанавий иттифоқчи ва Украина Ҳиндистон билан ҳам жуда яхши дўстона муносабатларга эга. Айниқса Украина Ғарбдан кучли қўллаб-қувватлангани учун бу мувозанатни сақлаш қийин вазифа”, деган Ҳиндистон элчиси ва Gateaway House таҳлил маркази ходими Ражеев Бҳатия.
Бҳатия Нью-Деҳли Киевга ташриф Ҳиндистоннинг Москва билан алоқаларини хавф остига қўйишидан хавотирда эмаслигини қўшимча қилди.
Моди Киевда нима қилади?
“Ҳиндистон тинчликпарвар давлат сифатида ҳаракат қилади ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга уринади. Ҳиндистоннинг Қўшма Штатларга яқин бўлишига қарамай, уларнинг муносабатларида яширин шубҳалар сақланиб қолмоқда. Россия билан яқин алоқаларга эга бўлишига қарамай, Бош вазир Ҳиндистонни Ғарбдан узоқлаштиришни истамайди”, дейди Ашока университети халқаро алоқалар кафедраси доценти Амит Жулка Модининг Киевга бўлажак ташрифини шарҳлар экан.
Айни пайтда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Нью-Деҳли Киевда тинчлик режасини тақдим қилмаслигини, бироқ мамлакат тинч йўл билан келишув бўйича музокараларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, Моди Украина Президенти Владимир Зеленский билан яна бир қанча масалаларни муҳокама қилиши мумкин.
“Мудофаа ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари, шунингдек, Ҳиндистоннинг урушдан кейинги Украинани келажакда қайта қуришдаги роли муҳокама қилинади”, дейди собиқ элчи Бҳатия.
АҚШ, Россия, Хитой ўртасида оёқ учида юриш
Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий, савдо ва дипломатик алоқалар аллақачон чуқурлашиб бўлган. Ҳиндистон нефтнинг 40 фоиздан ортиғини ва қуролларининг 60 фоиздан кўпроғини Россиядан сотиб олади, шунингдек, кўмир, ўғитлар, ўсимлик мойи ва қимматбаҳо металларни импорт қилади.
Ғарбнинг Қримнинг аннекция қилиниши ва Украинага кенг кўламли бостириб кириши сабабли санкциялар қўллаш орқали Россияни яккалаб қўяётгани Ҳиндистоннинг қўлида ўйнайди, чунки бу Москвани янада яқинроқ алоқаларга интилишга ундайди. Бундан ташқари, Нью-Деҳли Москвадан бурилиш Россияни Ҳиндистоннинг Осиёдаги асосий рақиби Хитойга яқинлаштириши мумкинлигидан хавотирда.
Геосиёсий ҳисоб-китобни янада мураккаблаштирадиган нарса шундаки, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Модининг Россияга нисбатан дўстона муносабати ва Путин билан учрашувидан ғазабланган. Бироқ Ғарб Ҳиндистоннинг Москвадаги бу таъсирини йўқотишини ҳам хоҳламайди, чунки у Кремлга таъсир ўтказишга уринишларида Хитойга қарши асосий восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Моди Украинага сафари олдидан томонларни тинчликка чақирганди.