Моди Украинага сафари олдидан томонларни тинчликка чақирди
Олам
−
21 Август
2652Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украинага ташриф буюришдан олдин тинчликка қайтишга чақирди. Бу ҳақда Моди ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Дўст ва шерик сифатида биз минтақага тинчлик ва барқарорликнинг тезроқ қайтишига умид қиламиз”, деб ёзди Моди.
Бош вазир Модининг қайд этишича, унинг кутилаётган 23 августдаги ташрифи олдинги музокараларни мустаҳкамлаш ва Ҳиндистон-Украина дўстлигини чуқурлаштириш учун имконият бўлади.
Шунингдек, ташриф давомида Украина ва Ҳиндистон ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Бу Модининг 30 йил олдин дипломатик алоқалар ўрнатилганидан бери Украинага биринчи ташрифи ҳисобланади.
AFP агентлигининг хабар беришича, Ҳиндистон шу пайтгача Россиянинг Украинага ҳужумини тўғридан-тўғри қоралашдан қочган ва бунинг ўрнига иккала томонни ҳам мулоқотга чақирган. Мамлакат Совуқ урушдан бери Россия билан яқин муносабатларни сақлаб келмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистон Ғарб билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик қилишни мақсад қилиб, рақиб Хитойга қарши қўллаб-қувватлашни истайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой бошида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Россияга ташриф буюриб, Президент Владимир Путин билан қадимий қароргоҳда учрашганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси