Мисрда тарқалган номаълум касаллик денге безгаги бўлиб чиқди

Олам

image

Мисрнинг Қена провинциясидаги Эл-Аликат қишлоғи аҳолисида денге безгаги аниқланди. Бу ҳақда “Ahram Online” нашри хабар берди.

Мамлакат Президентининг соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Авад Таг Эл-Дин бу денге безгаги эканлигини ва номаълум касаллик эмаслигини айтган. У касалликка иссиқ ҳаво ва чивинлар қўнган ифлосланган сув ҳавзалари сабаб бўлганини айтмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, юқори иситма, оғриқ, бош оғриғи, қусиш ва ич кетишидан шикоят қилган беморларнинг барчасида енгил аломатлар кузатилган. Улар амбулатория шароитида даволанган. Ўлим ҳолати ҳақида хабар берилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, денге учун махсус даволаш протоколи мавжуд эмас ва етти кун давом этадиган аломатлар одатда оғриқ қолдирувчи воситалар билан даволанади. Бироқ камдан-кам ҳолларда касаллик ўлимга олиб келиши мумкин. Шунингдек, ҳар йили дунё бўйлаб 390 миллионга яқин одамда денге безгаги кузатилди.

Мамлакат Президенти маслаҳатчисининг сўзларига кўра, Миср келгусида аҳолини денге безгагига қарши эмлаши мумкин.

Маълумот учун, денге безгаги субтропик ва тропик иқлими бўлган минтақаларда кенг тарқалган хавфли вирусли касаллик ҳисобланади. Денгенинг асосий ташувчиси - Aedes aegypti туридаги чивинлардир. Ташувчи бўлмаганда у билан касалланган одам ён-атрофдагилар учун хавфли эмас. Касалликнинг белгилари - иситма, кўнгил айниши, тошма ва бош оғриғи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мисрнинг Қена провинциясидаги Эл-Аликат қишлоғи аҳолиси орасида номаълум касаллик тарқалгани ва 1000 нафарга яқин қишлоқ аҳолиси номаълум касаллик аломатларидан шикоят қилиб, шифокорга мурожаат қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср денге безгаги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг