Мирзиёев Еврокомиссия вице-президентини қабул қилди
Жамият
−
16 Январь
4699Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 январь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёевга Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Еврокенгаш раиси Шарль Мишелнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган дипломат ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан Ўзбекистон етакчисини табриклаган.
Қайд этилишича, ЕИ билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган ва ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” амалга оширилаётгани, “Марказий Осиё - ЕИ” биринчи саммитини Ўзбекистонда ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани билдирилган.
Унга кўра, жорий йилнинг январ ойи охирида Брюсселда икки минтақанинг транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик Инвесторлар форуми бўлиб ўтади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йили 30 фоизга ошгани айтилди ва ЕИнинг Ўзбекистон учун савдо преференсиялари амал қилиш муддати узайтирилиши қўшимча қилинган.
Суҳбат якунида, томонлар Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан фикр алмашгани очиқланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 январь куни Еврокомиссия вице-президенти Ўзбекистонга келиши ҳақида маълум қилган эдик.