Мирзиёев Ўзбекистон халқини табриклади
Жамият
−
21 Октябрь 10452 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 21 октябрь – ўзбек тили байрами куни билан ўзбекистонликларга байрам табриги йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ўз табригида ушбу байрам арафасида қабул қилинган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилган асосий мақсад ва вазифаларни ўз вақтида, самарали амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга эканини айтган. Президент айниқса, ушбу қарор билан тасдиқланган “2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури”ни ҳаётга жорий этишда нафақат масъул ва мутасадди ташкилотлар, балки барча фаол иштирок этиши зарурлигини қайд этган.
“Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидан мустаҳкам ўрин олган қутлуғ сана – ўзбек тили байрами куни билан сиз азизларни, бутун халқимизни, чет эллардаги барча юртдошларимизни чин дилдан самимий муборакбод этаман”, дейилади табрик матнида.
Ўзбекистон етакчиси сунъий интеллект таъсири ортиб бораётган бир пайтда бу қудратли восита ёрдамида она тилини ривожлантириш ва тарғиб этиш – давр талаби эканини таъкидлади.
“Ўзбек тилининг бой имкониятлари асосида халқимиз тафаккурига мос ва жозибадор миллий брендлар яратиш, маҳсулотларимизни ташқи бозорга олиб чиқиш маркетинг соҳасида асосий йўналишга айланиши зарур. Бу борада ватанпарвар тадбиркорларимиз алоҳида жонбозлик кўрсатадилар, деб ишонаман”, дейди у.
Мирзиёев бундан ўттиз йил олдин қабул қилинган ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини қайта кўриб чиқиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалар қаторига киришини билдирган.
“Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тил маданияти ва саводхонликни тарғиб қилишга қаратилган замонавий ва таъсирчан медиа маҳсулотларни кўпайтириш лозим. Айниқса, фарзандларимизни она тилимизга меҳр қўйиб, унинг беқиёс бойлиги ва имкониятларидан баҳраманд бўлишга ўргатиш маънавий-маърифий тарбиянинг ажралмас бир қисмидир. Бу долзарб масала ижодкор зиёлиларимиз, таълим-тарбия, маданият, ёшлар, маҳалла, хотин-қизлар ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятида доимо марказий ўринда туриши, бутун жамиятимизда умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”, таъкидлайди Президент.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон 2030 йилга бориб сунъий интеллект бўйича ТОП-50 та давлат қаторига кириши мумкинлиги ҳақида сўз очганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь