Мирзиёев Сергелидаги портлаш бўйича топшириқ берди. Муддат уч кун
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
22780Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Сергелида юз берган фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди
Фармойиш билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида 16 кишидан иборат Ҳукумат комиссияси тузилган.
Комиссия зиммасига уч кун муддатда омборхонада юз берган фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилган.
Бундан ташқари, комиссияга фавқулодда ҳолат оқибатида зарар етказилган ҳар бир уй-жойни, жумладан, аҳоли хонадонлари, кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмлари, дераза ва ромлари ҳамда таъмирталаб аҳволга келиб қолган бошқа бино ва иншоотларга етказилган зарарларни бартараф этиш бўйича моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада кучли портлаш содир бўлганди. Тунги соат 02:43 да ФВБга ёнғин хакида маълумот тушган. Орадан 5 дақиқа ўтиб ёнғин-қутқарув экипажи ҳудудга етиб борган. Портлаш оқибатида яқин атрофдаги хонадонлар, савдо марказлари ва “Қурувчилар” метро бекатига шикаст етди. 2006 йилда туғилган 11 синф ўқувчиси воқеа жойида вафот этган.
ССВ портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этаётгани, Шундан жами 24 нафари шифохонага ётқизилгани, қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлгани учун уларга уйига жавоб берилганини маълум қилди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми "а” ва ”б" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси