Мирзиёев Саудия шаҳзодаси билан учрашди
Олам
−
11 Ноябрь
2633Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари Араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва “яшил” энергетика соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон энергетика соҳасини тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологиялар асосида модернизация қилишда фаол иштирок этаётган етакчи ACWA Power компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.
Икки давлат ҳудудида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва корхоналар энергия самарадорлигини ошириш жараёнларига Саудия Арабистони компаниялари ва маслаҳатчиларини жалб этиш юзасидан келишувга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Ар-Риёд шаҳрига етиб боргани ҳақида хабар берилганди. Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Ар-Риёд вилояти раҳбарияти – шаҳзода Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Абдулазиз ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди.
LiveБарчаси