Мирзиёев Россияга жўнаб кетди
Жамият
−
23 Октябрь
6689Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 октябрь куни амалий ташриф билан Қозон шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари BRICS саммити тадбирларида иштирок этади ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Шавкат Мирзиёев Россия томони раислигида ўтказиладиган "BRICS плюс" форматидаги ялпи сессияда нутқ сўзлайди. Учрашув кун тартибидан инклюзив ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Шунингдек, глобал сиёсатнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинади.
Маълумот учун, BRICS бирлашмаси 2006 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон, Миср ва Эфиопия унинг аъзоларидир.
22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида Россия Федерациясининг ассоциацияга раислигининг муҳим воқеаси бўлган BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарларининг ўн олтинчи саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Қозонга борган хорижий етакчилар орасида, хусусан, Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам BRICS давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Қозонга етиб борганди.