Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди
Жамият
−
01 Ноябрь
5200Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 ноябрь куни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Чернишенко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Россия делегацияси таркибидаги учрашувда вазирлар Алексей Чекунков ва Сергей Кравцов ҳам қатнашган. Олий даражадаги келишувларга мувофиқ Ўзбекистон-Россия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
"Учрашув аввалида Дмитрий Чернишенко давлат раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумат Раиси Михаил Мишустиннинг саломини етказди. Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги таълим ва гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари фаолияти ва Ўзбекистонда уларнинг янги филиалларини очиш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди", дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларининг Россиянинг Узоқ Шарқдаги ҳудудлари билан амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қўшма маданий ва спорт тадбирларини ўтказишдан манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Виталий Савельев, Россия Президенти маслаҳатчиси Игорь Левитин ва "Российские железные дороги" компанияси бошқаруви раиси Олег Белозёровдан иборат делегацияни қабул қилганди.
Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин бошчилигидаги делегация эса 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганди.
LiveБарчаси