Мирзиёев Россия Бош вазири билан учрашди
Жамият
−
06 Октябрь 2023
6968Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москвадаги Ҳукумат уйида Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Бу, муҳтарам Шавкат Миромонович, Президент этиб сайланганингиздан кейин Россияга биринчи ташрифингиз. Ва у Ўзбекистон ва Россия халқларини боғлайдиган дўстлик, шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида янги саҳифа очишига мутлақ ишонаман. Ҳукумат томонидан ҳамкасбим Абдулла Ниғматович Арипов билан сиз ва Россия Президенти Владимир Владимирович Путин ўртасида эришилган стратегик келишувларни таъминлаш бўйича барча кўрсатмалар устида ишлаяпмиз. Ва, албатта, бугун Кремлдаги музокаралар чоғида эришиладиган келишувларни амалга оширамиз”, деган Россия ҳукумати бошлиғи.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти ҳозирги ташрифи мазмунан жуда бой бўлаётганини айтган.
“Умуман олганда, икки томонлама муносабатларимиз ана шундай кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Буларнинг барчаси кўп нарсани айтади. Биз Владимир Владимирович ва менинг сиёсий иродамиз туфайли сўнгги йилларда бунга эришдик”, деган Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлади. Бугун, 6 октябрь куни эрталаб у Москвада Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйган.
Шунингдек, бугун Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам музокаралар ўтказади. Давлат раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш, долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилишлари кутилмоқда. Музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши ҳамда бир қатор идоралараро ва тижорат ҳужжатлари имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Россияга сафарини Татаристондан бошлаганди. У Қозон шаҳридаги “Казань Экспо” марказида очилган Татаристон саноат салоҳияти кўргазмасига борган, Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан учрашувлар ўтказган ҳамда Қозоннинг энг қадимги қисми – UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қозондаги Кремлга бориб, Қул Шариф масжидида бўлган эди.