Президент Қозонда Минниханов билан учрашув ўтказди
Жамият
−
05 Октябрь 2023
5711Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига расмий ташриф доирасида Қозон шаҳрида Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда мамлакат Татаристон билан ўзаро ҳамкорликда юқори натижаларга эришаётгани ҳақида сўз юритган. Жумладан, савдо ва инвестициялар ҳажми ошиб бораётгани, Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркининг муваффақиятлари ҳамда Жиззах вилоятида технопарк қурилиши давом этаётгани қайд этилган.
Шунингдек, Президент кимё тармоғи ва машинасозликда йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани ва Қозон федерал университетининг Жиззах шаҳридаги филиали фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтган.
Учрашув давомида кеча, 4 октябрь куни Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг якунлари, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида Россиянинг “Алабуга” ва “Мастер” технопарклари билан янги саноат паркларини ташкил этиш бўйича эришилган келишувлар борасида ҳам сўз юритилган.
Металларга ишлов бериш, ахборот-коммуникация, уй-жой коммунал соаҳаларида истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, таълим, туризм ва ёшларга оид сиёсатда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Якунда эса муҳим йўналишлар бўйича амалий шериклик лойиҳаларини қўшма “йўл харита”лари асосида илгари суришга келишиб олинган.
Маълумот учун, эртага, 6 октябрь куни Москвада бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувда икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестисиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Татаристонга ташрифи давомида Рустам Минниханов ҳамроҳлигида Қозоннинг энг қадимги қисми – UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қозондаги Кремлга бориб, Қул Шариф масжидини кириб кўрган эди.
LiveБарчаси