Шавкат Мирзиёев Қозондаги Қул Шариф масжидига борди
Жамият
−
05 Октябрь 2023
8072Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Татаристонга ташрифи давомида “Қозон Кремли” тарихий-меъморий ва бадиий музей-қўриқхонасида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 5 октябрь куни давлат раҳбари Татаристон Раиси Рустам Минниханов ҳамроҳлигида Қозоннинг энг қадимги қисми – UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Қозондаги Кремлга борган.
У ерда Ўзбекистон Президенти Қул Шариф масжидини кириб кўрган. Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Камиль Самигуллин Шавкат Мирзиёевга масжид тарихи ҳақида сўзлаб берган ва биргаликда дуо ўқилган.
Давлат раҳбари шунингдек, Қозон ва Татаристон митрополити Кирилл ҳамроҳлигида Благовешенск соборини ҳам кўздан кечирган. Қозон Кремли ҳудудидаги обидаларнинг энг қадимгиси бўлган мазкур иншоот ХVI асрда бунёд этилган. У Псков меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Маълумот учун, Қул Шариф масжиди 1996-2005 йилларда Қозон хонлиги ҳудудида ХVI асрнинг иккинчи ярмига қадар мавжуд бўлган жума масжиди ўрнида бунёд этилган ва Имом Қул Шариф номи билан аталган.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 6 октябрь куни Москвада бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашувда икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь