Мирзиёев Путинга ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Кеча, 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.

Кремль матбуот хизматининг ёзишича, суҳбат Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.

"Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Қуролли кучлари Кимёвий, радиациявий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарповнинг вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралаши таъкидланди. Икки давлат махсус хизматлари ўртасида терроризмга қарши курашиш соҳасида яқин ҳамкорликни давом эттириш нияти билдирилди", дейилади Кремль хабарида.

Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати эса суҳбат давомида икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилганини билдирди.

"Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 17 декабрь куни Россиянинг Москва шаҳридаги портлашда мамлакат Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлганди. Кирилловнинг ўлимида гумон қилиниб, ўзбекистонлик 29 ёшли эркак ушланди. Шунингдек, ТАСС Россия хавфсизлик кучлари ўзбекистонлик ҳамкасбларига Игорь Кирилловнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахс ҳақида маълумот олиш учун мурожаат қилгани, Ўзбекистон томони тегишли сўровни олгач, Игорь Кирилловни ўлдиришда гумон қилиниб, Россияда қўлга олинган фуқаро ҳақидаги маълумотларни дарҳол Москвага юборгани ҳақида хабар берди. Генерални ўлдиришда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Аҳмад Қурбонов Москва шаҳридаги Басманний туман судининг қарори билан 2025 йил 17 февралга қадар ҳибсга олинди. Унга нисбатан “портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш” айблови қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин Игорь Кириллов Аҳмад Қурбонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг