Мирзиёев Путин билан гаплашди
Жамият
−
21 Февраль
7609Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 21 февраль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Россия Президентининг ўтган йил май ойидаги Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни етакчилар томонидан тасдиқланган "йўл харитаси"га мувофиқ амалга ошириш натижалари кўриб чиқилган.
“Турли даражаларда фаол давом этаётган самарали мулоқот ва алмашинувлар юксак баҳоланди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги асосий кўрсаткичларнинг ўсиш суръатини таъминлаш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудларида саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, гуманитар ҳамкорлик, энг аввало, маданият, санъат, фан, таълим, шу жумладан муҳандис кадрларни тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилган.
Кремль матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбарлари барча соҳаларда фаол ривожланаётган икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий динамикасидан мамнунлик билдирган.
“Товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, энергетика ва саноат кооперацияси соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани, ҳудудлар ўртасида самарали алоқалар ўрнатилгани таъкидланди.
Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ҳар томонлама мустаҳкамлаш, икки мамлакат ҳукуматлари, тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Максим Орешкин бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди.
LiveБарчаси