Мирзиёев мутасаддиларга тўқимачилик ускуналарини маҳаллийлаштиришни буюрди
Жамият
−
09 Июнь 2023
5428Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Милан шаҳрида ўтаётган “ITMA 2023” тўқимачилик машинасозлиги халқаро кўргазмаси билан танишди. Президент Мирзиёевга Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана ва кўргазма ташкилотчиси – “Sematex” агентлиги раҳбари Эрнэсто Маурэр ҳамроҳлик қилган.
Ўзбекистон раҳбари йигириш ва тўқиш ускуналарини ишлаб чиқаришда дунёда етакчи бўлган “ITEMA” (Италия), “Stäubli Group” (Швейцария), “Picanol”, “Vandewiele” (Бельгия) ва бошқа компанияларнинг стендларини кўздан кечирган.
Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилган, янги технологик ечимларнинг тақдимотлари билан танишган.
Шунингдек, Ўзбекистонда тўқимачиликни ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, тўқув ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, компанияларнинг ваколатхоналари ва дастгоҳларга хизмат кўрсатиш марказларини очиш, технологларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш, фан ва замонавий технологиялар борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бошқа ташаббуслар муҳокама қилинган.
Президент робототехника ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда янги, талаб юқори бўлган “супер-материаллар” яратиш мақсадида Ўзбекистонда матога ишлов бериш учун энг замонавий ускуналар ва инновацион ечимларни жорий қилиш истиқболли эканини қайд этган.
Танишув якунида мутасадди раҳбарларга Ўзбекистонда ускуналарни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини релокация қилиш ва ўқув дастурларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш топширилган.
Маълумот учун, “ITMA 2023” – ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган тўқимачилик ва тикувчилик технологияларига бағишланган дунёдаги энг йирик кўргазма саналади. Охирги кўргазма 2019 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Жорий йилда 20 гектар майдонни эгаллаган кўргазмада 47 мамлакатдан 1 700 иштирокчи ҳамда турли давлатлардан 100 минг нафарга яқин меҳмон иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 июнь куни Шавкат Мирзиёев Римда Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржиа Мелонилар билан ҳам учрашиб, музокаралар олиб борганди. Бугун, 9 июнь куни эса Ўзбекистон Президенти Милан шаҳрида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди. Бундан ташқари, шу ерда италиялик инвесторлари ва йирик бизнес вакиллари билан учрашув бўлди.
LiveБарчаси