Жоржиа Мелони “Италия – Марказий Осиё” форматини ривожлантиришга чақирди
Жамият
−
08 Июнь 2023
6269Бугун, 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кижи саройида Италия Республикаси Вазирлар кенгаши Раиси Жоржиа Мелони билан музокара ўтказди.
Суҳбат давомида Италия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, кейинги йилларда сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилган. Етакчилар муносабатларни устувор йўналишларда янада мустаҳкамлаш истиқболларини батафсил муҳокама қилган.
Бош вазир Жоржиа Мелони Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда уларнинг муваффақиятига ишонишини билдирган.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш асосий вазифа экани таъкидланган. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми кейинги йилларда икки баробар кўпайгани, металлургия, энергетика, электротехника ва бошқа тармоқларда Италиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилган.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланган. Маданият, итальян тилини ўрганиш, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият борлиги кўрсатиб ўтилган.
Бош вазир Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳамда “Италия – Марказий Осиё” ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирган.
Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилар экан, афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни, шу жумладан Термиз шаҳридаги логистика маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Жоржиа Мелони икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацини қабул қилган.
Етакчилар ҳузурида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 10 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтган. Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, ҳуқуқий масалаларда, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан Италия савдо агентлиги ўртасида реставрация соҳасида, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ва Италия Республикаси маданият вазирлиги ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2023-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда 2026 йилга қадар маданий алмашинувлар дастури қабул қилинган.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Италия Бош вазири Жоржиа Мелонини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.
LiveБарчаси