Италия ва Ўзбекистон Самарқандда қўшма инвестиция форумини ўтказади

Жамият

image

Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италиянинг Милан шаҳрида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Аттилио Фонтанани губернатор этиб қайта сайлангани билан табриклаган ва ушбу лавозимдаги фаолиятига муваффақият тилаган.

Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Айтилишича, ўтган йилда Ўзбекистон ҳудудларининг Ломбардия билан товар айирбошлаш ҳажми 83 фоизга ошган. Жорий йилнинг апрель ойида эса Милан ва Тошкент ўртасидаги авиақатновлар қайта тикланган. Ломбардиянинг етакчи компаниялари билан мустаҳкам шериклик алоқалари йўлга қўйилган.

Шавкат Мирзиёев қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технология ва билимларини Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Ломбардия билан кенг кўламли ҳамкорлик дастурини тез фурсатда тайёрлаш, Самарқандда қўшма инвестиция форумини ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Саноат кооперациясини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини илгари суриш учун қулай шароитлар яратиш, тиббиётда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, инновацияларни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, шу жумладан Маданият кунларини ўтказиш масалаларига алоҳида этътибор қаратилган.

Губернатор Ломбардия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳа ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун Президент Мирзиёевга миннатдорлик билдирган. Ўзбекистон ҳудудлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликка кўмаклашишга тайёрлигини таъкидлаган.

Учрашув якунида Ўзбекиятон раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Ломбардияда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришда муваффақият тилаган.

Маълумот учун, Италия шимолида жойлашган Ломбардия мамлакатнинг аҳоли сони ва майдони бўйича энг йирик ҳамда иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Вилоят республика ЯИМининг 22 фоизини таъминлайди ва бу кўрсаткич бўйича Европа Иттифоқида бешинчи ўринни эгаллайди. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 июнь куни Шавкат Мирзиёев Римда Италия Президенти Сержо Маттарелла ва Бош вазир Жоржиа Мелонилар билан ҳам учрашиб, музокаралар олиб борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Милан Италия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг