Мирзиёев Италия Президенти билан нималарни гаплашгани айтилди
Жамият
−
08 Июнь 2023
6477Бугун, 8 июнь куни Рим шаҳридаги Квиринал саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув давомида давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққан. Кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони икки баробар кўпайгани, Ўзбекистонда Pietro Fiorentini, Terra-nova, Danieli, Imagro, Ansaldo, Saipem каби етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилган.
Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларига ҳам эътибор қаратган. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномалар имзоланган.
Шунингдек, етакчилар гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинган.
Бундан ташқари, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинган.
Айтиш жоижки, Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Кетма-кет уч йил Ўзбекистон Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келмоқда. Йил бошидан Ўзбекистонга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайган. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилган.
Шунингдек, етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашган. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Сержо Маттареллани Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган.
LiveБарчаси