Мирзиёев Хитойдаги парадда қатнашади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 30 август - 3 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон етакчиси 31 август-1 сентябрь кунлари Тяньцзинь шаҳрида ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва “ШҲТ плюс” форматидаги саммитда иштирок этади.

Тадбирлар кун тартибидан устувор йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган. Унинг якунида Тяньцзинь декларацияси, хавфсизлик, рақамли иқтисодиёт, “яшил” саноат, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларда шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.

2 сентябрь куни Пекин шаҳрида Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказади, шунингдек, Хитой расмий шахслари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Президенти 3 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.

Хитойнинг расмий ахборот агентлиги “Синьхуа”га кўра, Пекинда ўтадиган тантаналарда 26 мамлакат етакчиси ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.

Хитойга биринчилар қаторида ташриф буюриши режалаштирилган хорижий давлат раҳбари Россия Президенти Владимир Путиндир, иккинчиси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инь саналади. 

Пекиндаги байрамларда, шунингдек, Камбоджа, Вьетнам, Лаос, Индонезия, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Непал, Мальдив ороллари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Эрон, Конго Республикаси, Зимбабве, Сербия, Словакия, Куба ва Мьянма давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.

Маълумот учун, Хитой халқининг япон агрессиясига қарши қаршилик кўрсатиш уруши, иккинчи Хитой-япон уруши деб ҳам аталади, 1931 йилда Япониянинг Манчурияга бостириб кириши билан бошланди ва 1937 йилда кенг кўламли урушга айланиб, 1945 йилда Япониянинг таслим бўлиши ва Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан якунланди. Хитой фашизм устидан ғалаба қозонишда, Япония қўшинларини узоқ йиллар давомида ушлаб туришда ва халқаро антифашистик фронтни шакллантиришда муҳим роль ўйнагани айтилади. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон раҳбари сўнгги бор ўтган йилнинг 23-25 январь кунлари Хитойга давлат ташрифини амалга оширган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хитой Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг