Мирзиёев Италиянинг собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
Жамият
−
24 Сентябрь 2023
3927Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Италия етакчиси Сержо Маттареллага ушбу мамлакатнинг собиқ президенти, йирик давлат ва жамоат арбоби, сенатор Жоржо Наполитано вафот этгани муносабати билан таъзия йўллади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Давлат раҳбари Италия халқига ҳамда марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Италиянинг 11-президенти Жоржо Наполитано шу йилнинг 22 сентябрь куни Римдаги Салватор Мунди клиникасида 98 ёшида вафот этди. Унинг вафоти юзасидан мамлакатда миллий мотам ҳам эълон қилинди.
Маълумот учун, Наполитано 1925 йил 29 июнь куни Неаполда туғилган. 2006 йилдан 2015 йилгача у Италия Республикасининг 11-президенти бўлган ва дунёдаги энг кекса фаол давлат раҳбарларидан эди. Жоржо Наполитано 2005 йилдан 2006 йилгача ва 2015 йилдан вафотигача Италия сенатори бўлган.
У 1996-1998 йилларда Италия Ички ишлар вазири, 1992-1994 йилларда эса мамлакат депутатлар палатаси раиси лавозимида ишлаган. Наполитано давлат раҳбари бўлган биринчи собиқ коммунист эди.
LiveБарчаси