Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказини бориб кўрди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 29 август куни Ислом цивилизацияси марказига бориб, сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур улкан ва ноёб лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилда бўлиб ўтган Рамазон ҳайити куни унга пойдевор қўйилган эди. Бугунги кунда бунёдкорлик ишлари якуний босқичга кирган. Маҳобатли иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерга мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.

Президент ушбу залдаги сўнгги пардозлаш ишларини кўриб, мутасаддиларга ўз тавсияларини берди. Марказда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. Бу ерда турли халқаро учрашувлар анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилган, энг сўнгги русумдаги техника воситалари билан жиҳозланган.

“Ўзбекистон улуғ тарихга эга. Буюк аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маданий мерос инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Улар билан дунё ҳамжамиятини хабардор қилишда ушбу марказнинг ўрни беқиёс бўлишига ишонаман”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.

Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган.

Марказда улуғ аждодлар меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади, замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топилади.

Давлат раҳбари марказдаги бунёдкорликни юқори баҳолаб, унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, маъно-мазмунини бойитиб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

“Саккиз йил давомида бу ерда катта меҳнат қилинди. Шундай салобатли ва чуқур мазмунли марказ қурдик. Бу ерга келадиган меҳмонлар халқимизнинг бой тарихи, аждодларимиз билим ва тафаккурига тан беради, ўзига катта маънавий қувват олади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент марказга туташ ҳудудда барпо этилган савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари билан ҳам танишди. Бу келгусида туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилганди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ватан фидойилари ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда уламо ва зиёлилар билан тарихни ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, мустақиллик ва тинчликни қадрлаш ҳақида мулоқот бўлди. Президент “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди. Мустақиллик монументи пойига гул қўйиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этди. Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчасида барпо этилган ерости автомобиль йўлини ҳам кўздан кечирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг