Янги Тошкентдаги инвестиция лойиҳалар бўйича кунлик назорат ўрнатилади

−

image

Янги Тошкентдаги ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича кунлик манзилли назорат ўрнатилади. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ижроси юзасидан йиғилишда сўз борди.

Бир ой аввал давлат раҳбари Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб, ишлар натижасини ҳар ой муҳокама қилиб боришга кўрсатма берган эди. Ўтган ҳафтада қабул қилинган алоҳида фармон билан инвесторлар, тадбиркорлар ва ҳудудлар учун қўшимча имтиёзлар ҳамда янги ташкилий механизмлар жорий этилган.

Йиғилишда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва мавжуд ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш вазифалари муҳокама қилинган.

Президент Янги Тошкентдаги ишлар мутлақо янгича ёндашув ва қатъий ижро интизоми асосида ташкил этилиши лозимлигини кўрсатиб ўтган.

Тадбиркорлар сармоя киритишга тайёр экани, бунинг учун уларга ортиқча тўсиқларсиз, тезкор ва аниқ ечимлар тақдим этиш зарурлиги таъкидланган. Шу мақсадда ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича кунлик манзилли назорат ўрнатилиши белгиланган.

Бунда қурилиш майдонларини ўз вақтида тайёрлаш ва инвесторларга зарур шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу ишлар марказлашган ҳолда Янги Тошкент дирекцияси орқали ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши муҳандислик-коммуникация тармоқларининг тайёрлигига ҳам бевосита боғлиқ.

Давлат раҳбари янги шаҳарда қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари ўзаро уйғун олиб борилиши шартлигини таъкидлаган. Электр энергияси, ичимлик суви, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл тармоқлари объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар тайёр бўлиши лозим.

Шу муносабат билан вилоятларга бириктирилган ҳудудларни зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Қолаверса, янги шаҳарнинг меъморий қиёфаси ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Вилоятларга бириктирилган ҳудудлар фақат турар жойлар билан чекланиб қолмаслиги, уларда замонавий бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари, шунингдек, аҳоли дам олиши учун қулай жамоат масканлари ташкил этилиши зарурлиги таъкидланган.

Ушбу жараёнда ҳар бир иншоот янги шаҳарнинг ягона меъморий концепцияси ва “яшил қурилиш” талабларига тўлиқ мос келиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Ҳудудлар ўртасида замонавий архитектура ечимларини қўллаш, йирик халқаро брендларни жалб қилиш, хиёбонлар ва жамоат жойларини намунали ташкил этиш бўйича соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам эътибор қаратилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends