Мирзиёев инфляцияни пасайтириш бўйича йиғилиш ўтказди
Жамият
−
07 Февраль 2023
7150Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида бугун, 7 февраль куни жорий йилда инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, инфляция фақатгина макроиқтисодий кўрсаткич эмас, аҳоли даромади ва турмуш тарзига таъсир қилувчи омил ҳисобланади. 2022 йил якуни билан Ўзбекистонда инфляция 12,3 фоизни ташкил этган эди. Барча иқтисодий механизмларни қўллаб, жорий йилда бу кўрсаткични 10 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинмоқда.
Йиғилишда бунинг учун истеъмол товарлари, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уларни “даладан дастурхонгача” етказиб беришдаги харажатларни қисқартириб, арзон бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун аҳолига ажратилган жами 200 минг гектар ердан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилган.
Ушбу чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш учун ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда аҳоли учун жозибадор молиявий хизматлар турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилган.