Мирзиёев икки карра Олимпиада чемпионларини телефон орқали табриклади (видео)
Спорт
−
09 Август
11158Президент Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасида ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалларни қўлга киритган ҳамда икки карра Олимпиада чемпионига айланган таэквондочи Улуғбек Рашидов ва боксчи Ҳасанбой Дўсматов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари спортчиларни табриклаб, терма жамоа томонидан бир кун ичида Олимпиаданинг иккита олтин медали қўлга киритилгани Ўзбекистон спорти учун тарихий воқеа бўлганини қайд этган. Ўз навбатида Улуғбек Рашидов ва Ҳасанбой Дўсматов Президент Мирзиёевга қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган.
Олдинроқ, Мирзиёев Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича беллашувларнинг 52 килограммгача вазн тоифасида барча рақибаларини енгиб, олимпия терма жамоасига биринчи олтин медални келтирган Диёра Келдиёрова билан телефон орқали мулоқот қилганди.
Маълумот учун, Париж шаҳрида давом этаётган Олимпиада ўйинларининг таэквондо баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган 22 ёшли Улуғбек Рашидов кетма-кет икки карра Олимпиада чемпионига айланди. Шунингдек, -51 кг вазнда ҳал қилувчи жангга етиб келган Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун жангда мезбонлар боксчиси Беннама Билолга қарши рингга кўтарилиб, ғалаба қозонди ва икки карра Олимпиада чемпионига айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги учрашувида Президент Шавкат Мирзиёевни ўзбекистонлик спортчиларнинг Олимпиададаги натижаси билан табриклаганди. Тўқаев ҳам Ҳасанбой Дўсматовга мухлислик қилганини айтган.
LiveБарчаси